COVID-19нинг янги «омикрон» штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон 10 та давлат билан халқаро авиақатновларни чеклайди
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика махсус комиссияси йиғилишида мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва юртимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги «омикрон» штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида қатор янги тартиб ва чекловлар белгиланганини маълум қилди.
Хусусан, сўнгги кунларда Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия, Австралия, Миср ҳамда Жанубий Африка минтақаси мамлакатларида (Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Лесото, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Эсватини ва Танзания) коронавируснинг янги «омикрон» штамми кенг тарқалиб, эпидемиологик вазият кескинлашиб бораётгани муносабати билан, қатор давлатларда, хусусан, АҚШ, Австрия, Германия, Словакия, Россия ва Қозоғистонда қўшимча карантин чекловлари жорий этилмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекцияси, шу жумладан, унинг янги «омикрон» штамми тарқалишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида 17 ноябрдан бошлаб тўлиқ эмланган фуқароларни бустер доза билан ихтиёрий эмлаш тартиби жорий этилди.
Қолаверса, жаҳондаги мураккаб эпидемиологик вазият Ўзбекистон аҳолисини ҳам огоҳликка чақириш, фуқароларимиз ўртасида эҳтиёткорлик сусайиб кетишининг олдини олиш зарурати пайдо бўлганини кўрсатмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Республика махсус комиссиясининг йиғилишида Янги йил арафасида мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш ва Ўзбекистон ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги «омикрон» штамми кириб келишига йўл қўймаслик бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди.
Унга кўра, эпидемиологик вазият мураккаб бўлган қатор давлатлар билан халқаро авиақатновлар парвози чекланади.
Хусусан, 2021 йил 3 декабрдан 2022 йил 10 январга қадар ЖАР, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан халқаро авиақатновлар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатилади.
Мазкур давлатларнинг фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида юқоридаги давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.