Янги Ўзбекистон хориждаги фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилмоқда ва қўллаб-қувватламоқда
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда 2,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик хорижда бўлиб турибди. Улар Россия, Марказий Осиё республикалари, АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Европа давлатлари ва бошқа мамлакатларда яшайди, вақтинча меҳнат қилади ёки таълим олади. Хусусан, 50 мингга яқин ўзбекистонлик ёшлар хорижий университетларнинг талабаларидир.
Уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари Ватан сарҳадларидан ташқарида республикамизнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идоралари томонидан ҳимоя қилинмоқда. Бунинг учун ушбу соҳани тартибга солувчи мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база яратилган. Республикадан ташқарида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини назарда тутувчи давлатлараро даражада ҳужжатлар имзоланиб, амалга оширилмоқда.
2017 йилгача хорижий давлатларда 47 та дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаси ўзбекистонликларга консуллик хизматлари кўрсатиб келган. Яқин ва узоқ хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сонини ҳисобга олиб, уларга ҳуқуқий ёрдам ва консуллик хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида сўнгги тўрт йилда Россиянинг Санкт-Петербург, Владивосток, Ростов-Дон, Қозон ва Екатеринбург шаҳарлари, Қозоғистоннинг Олмаота ва Актау шаҳарлари ҳамда Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида яна 8 та янги консуллик ваколатхоналари очилди. Бугун Сариагаш (Қозоғистон), Тула, Самара ва Саранск (Россия) шаҳарларида ҳам Бош консулхоналар фаолиятини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланган илк кунлариданоқ хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан ҳамкорликни фаоллаштиришни давлат ички сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилади. Ушбу масала 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига ҳам киритилди, бунинг самарасида у ривож топиб, меҳнат миграциясини тартибга солиш билан боғлиқ вазиятни яхшилашга салмоқли ҳисса қўшилди.
2018 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Президентининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Унинг ижроси доирасида меҳнат миграциясининг уюшган шаклларини кенгайтириш, республикадан ташқарига ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтган меҳнат муҳожирларини ишбилармонлик ва меҳнат фаолиятига жалб этишни кенгайтириш бўйича изчил ва дадил чоралар кўрилмоқда.
2019 йилнинг август ойида давлатимиз раҳбарининг “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Ҳужжатда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари учун муносиб турмуш ва иш шароитини яратишда ваколатли органлар ҳамда республика ва хорижий давлатлар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик ҳамда бу йўналишда мувофиқлаштирилган фаолиятни таъминлаш ҳам кўзда тутилган.
Ўзбекистон фуқароларининг вақтинча ишлаш учун республика ташқарисига транспорт орқали чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилди.
2018 йилда мамлакатимизда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташкил этилди. Ушбу ташкилот республиканинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда халқаро ҳуқуқий нормалар ва қоидалар асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва хорижда Ўзбекистон фуқаролари бандлигини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширади.
Агентлик Ўзбекистоннинг энг кўп меҳнат муҳожири қайд этилган Россия ва Корея Республикасида ўз ваколатхоналарига эга. Айни пайтда Туркия, Латвия ва Финляндияда ҳам Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарини очиш ишлари олиб борилмоқда.
Давлатимизнинг хориждаги фуқароларига нечоғлик ғамхўрлик қилаётгани бутун дунё коронавирус пандемияси домига тушган 2020 йилда яққол намоён бўлди. Халқаро ҳаво, қуруқлик ва темир йўл транспорти ҳаракатининг тўхтатилиши оқибатида хорижда хизмат сафари ёки саёҳатда бўлган юз минглаб ўзбекистонликлар, талабалар ва меҳнат муҳожирлари ўз ҳолига ташлаб қўйилмади.
Мамлакатимизда ташкил этилган Республика махсус комиссияси ваколатли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда юзлаб чартер рейслари ташкил этиб, 600 мингдан ортиқ юртдошимизни Ватанга олиб келинишини ташкил қилди. Бундан ташқари, оғир аҳволга тушиб қолган 100 мингдан зиёд фуқаромизга чет элдаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари орқали зарур ёрдам кўрсатилди.
Ушбу жиддий таҳдид дунё бўйлаб халқаро ва хорижий компанияларда, банкларда муваффақиятли меҳнат қилаётган минглаб ўзбекистонликлар, тадбиркорлар ва талабаларнинг ҳамжиҳатлигини ҳам намоён этди. Улар маблағ тўплаш ва мамлакатимизга инсонпарварлик ёрдами юбориш учун бирлашди.
Бугунги кунда хориждаги ўзбекистонликлар мамлакатимиз иқтисодиёти, ижтимоий соҳаси, илм-фан, маданият, спорт ва бошқа тармоқлари ривожига, ўз тарихий Ватани – Ўзбекистон нуфузининг юксалишига, ташқи дунё билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бу кўп жиҳатдан ушбу йўналишни давлат сиёсати даражасига кўтарган мамлакатимиз Президентининг саъй-ҳаракатлари самараси бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Ҳукумат ушбу йўналишда қатор ҳужжатлар қабул қилди, жумладан, хорижда яшаётган ватандошлар билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқди ва маъқуллади.
Барча саъй-ҳаракатлар чет элдаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда кўмаклашишга қаратилмоқда. Бунда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари, юртдошларимиз бўлиб турган мамлакатлар қонунчилиги ва Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига тўлиқ риоя этилмоқда.
Ўзбекистонликларнинг халқимиз маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилишга қаратилган фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатимизда тадбиркорлик, сармоявий, илмий, маърифий ва маданий фаолиятда фаол қатнашаётганлар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Хорижда таълим олаётган ва ишлаётган ўзбек ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилди. Унга Ватанимизда кечаётган ўзгаришлар жараёнига бефарқ бўлмаган, хорижда ишлаётган ва таҳсил олаётган фаол ёшлар аъзо бўлди. Бугун мазкур ассоциация вакиллари Хитой, Россия, Германия, Туркия ва Японияда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари чет элдаги ўзбек ёшларининг интилишларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш, маълумотлар базасини яратиш ва алоқалар ўрнатиш, хорижда яшаётган малакали ўзбекистонликларни мамлакатда амалга оширилаётган миллий аҳамиятга молик лойиҳаларга жалб этиш, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва олий таълим муассасалари фаолиятига танлов асосида ёш мутахассисларни жалб этиш, Ўзбекистон дипломатик миссиялари билан ҳамкорлик қилиш, ўз тарихий Ватанига қайтган ватандошларнинг маҳаллий муҳитга мослашишига, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, экстремизм, терроризм, уюшган жиноятчилик, одам савдоси каби турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ноқулай шароитларга тушиб қолган ёки бундай ҳолатларнинг қурбони бўлган ёшларга ҳуқуқий ва руҳий ёрдам кўрсатиш ва ҳоказодан иборат.
Бу борадаги янгича ёндашув хориждаги ўзбек диаспораси ташкилотлари билан юртдошларимиз манфаатлари йўлида самарали ҳамкорлик қилишга ҳам замин яратди. Бугунги кунга келиб 150 дан ортиқ ана шундай ташкилот билан муносабатлар йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси мамлакатнинг интеллектуал элитасини тайёрлаш билан бир қаторда хорижда яшаётган ва замонавий билим, кўникма ва етук илмий-амалий тажрибага эга ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш билан шуғулланади.
Мухтасар айтганда, давлатнинг ўз фуқаролари билан бутун дунё бўйлаб мулоқоти ҳамда халқимизнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлов ва эътиборга бўлган ишончи тобора мустаҳкамланмоқда, ватандошларнинг республикада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлардаги фаол иштироки ва ёрдами ошмоқда. Дарҳақиқат, буни янги Ўзбекистоннинг янгиланган ташқи сиёсатининг муҳим ҳодисаси сифатида эътироф этиш мумкин.
«Дунё» АА