Мўйноқда «Стихия» электрон мусиқа, санъат ва илм - фан фестивали ўтказилади
Бунда жаҳонга машҳур мусиқа продюсери Нина Кравиз ҳамда Россия, Қозоғистон, Туркия ва Қирғизистондан келган турли мусиқий продюсерлар, мусиқачилар ва ДЖлар иштирок этишади. Форумда Ўзбекистон ва Россиядан келган олимлар, экологлар ва мутахассислар ҳам қатнашади.
Шунингдек, фестивалда «6 миллиард дарахт» ижтимоий акцияси ўтказилиб, жумладан, Мўйноқ шаҳрида 5 мингдан ортиқ дарахт экиш назарда тутилган. Лойиҳадан кўзланган мақсад минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш учун қурғоқчиликка чидамли бўлган бута ва мевали дарахтларни Мўйноқ шаҳри ва Орол денгизининг пастки қисмида босқичма-босқич экишдан иборат.
Мазкур лойиҳа Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда «Акустика факультети» МЧЖ ташаббуси билан «Ростех», «Ҳашар Wеек» корпорацияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳани ҳомийлик маблағлари ва республика кўнгиллилари иштирокида доимий равишда амалга ошириш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида: «Стихия» — 2018 йилда мусиқий тадбир сифатида бошланган бўлиб, ҳозирда мусиқа, маданият, санъат ва илм-фаннинг кўп қиррали йўналишига айланган. Шунингдек, «Н + Стихия» илмий форуми мисолида қаралса, унда инсон фаолиятининг бугунги ва келажакка таъсири, экология ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш масалалари муҳокама қилинади.
Фестивал ҳақидаги батафсил маълумотларни фестивалнинг расмий сайтидан олиш мумкин, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.