Камбағаликка қарши курашда ижтимоий кўмак
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида камбағалликка қарши кураш иқтисодий ривожланиш сиёсатимизда устувор вазифа этиб белгиланди.
«Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир», деб таъкидланган эди мурожаатда.
Иқтисодиёт қонунларига асосан, «камбағаллик камбағалликни келтириб чиқаради». Мазкур жараён бир неча сабабларга кўра содир бўлади.
Биринчидан, даромадлари паст мамлакатлар сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш учун етарлича пул сарфлай олишмайди, камбағал аҳоли эса сифатли пуллик таълим ва тиббиёт хизматларга қурби етмаслиги сабабли инсон салоҳияти пасайиб, камбағалликдан қочиб қутула олмайдилар.
Иккинчидан, камбағал аҳолининг даромадлари пасайиб борган сари, истеъмол бозорининг сиғими мутаносиб равишда кичрайиб боради ва бунинг натижасида саноат моллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва айниқса, хизматларга бўлган талаб пасайиб боради. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилади, бюджет даромадларини камайтиради ва камбағалларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкониятини камайтириб ёпиқ циклик жараён кўринишига келади.
Учинчидан, аксарият ҳолларда камбағалларнинг дунёқараши даромад юқори бўлганлардан фарқ қилади. Юқорида айтиб ўтилган сабабларга кўра, улар орасидан ижодкор ва тадбиркорлик қобилиятига эга инсонларнинг етишиб чиқиши эҳтимоли камроқ. Шунингдек, одатда камбағал оила аъзолари орасида жиноятчилик кўрсаткичлари нисбатан юқорироқ бўлади.
Бошқача қилиб айтганда, камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар мамлакатда инсон салоҳиятини ривожлантиришга, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши ва аҳолининг иқтисодий фаолиятига тўсқинлик қилади.
Ўзбекистонда охирги уч йил мобайнида камбағалликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли жон бошига реал жами даромад 43,9 фоизга, ўртача ҳисобланган номинал ойлик иш ҳақи 79,7 фоизга ёки 2016 йилдаги 1293,8 минг сўмдан 2019 йилда 2324,5 минг сўмга ошди.
Жаҳон банкининг «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳаси доирасида, уй хўжаликлари орасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 2020 йилнинг январь-март ойлари учун ўртача камбағал хонадоннинг ойлик даромади тахминан 1,5 миллион сўмни ташкил этиб, таққослама нархларда бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга ошган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги камбағалликни бартараф этиш муаммосини стратегик вазифа сифатида кун тартибига қўйди.
Мазкур муаммони ҳал қилишга ҳукумат томонидан катта ҳажмдаги саъй-ҳаракатлар қаратилган. Жумладан, мамлакатда камбағалликка қарши курашиш учун зарур институтлар яратилди. Бу авваламбор Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташкил этилиши, камбағалликка қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини белгилаб беради.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яқинда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Мазкур вазирлик фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институтлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи сифатида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган қатламларини аниқлаш ва манзилли кўмак бериш борасида самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва қишлоқ жойларини ободонлаштириш дастурлари амалга оширилмоқда. Хусусан, «Обод қишлоқ» дастурининг амалга оширилиши туфайли 1,7 млн қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитлари яхшиланди. Биргина 2019 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш учун жами 600 миллион АҚШ долларига тенг 6,1 трлн сўм ажратилди.
Бироқ, эришилган натижаларга қарамай, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 400 мингдан ортиқ оила турмуш шароитлари яхшиланишига муҳтож (Жаҳон банки мезонларига кўра, 2015 йил октябридан бошлаб Глобал камбағаллик даражасига кунига 1,9 АҚШ доллардан кам даромад олганлар киритилган). Норасмий секторнинг меҳнат бозоридаги улуши 40-50фоизни ташкил этади. Бироқ, камбағал уй хўжаликларининг фақат 23 фоизигина ижтимоий нафақа олишади.
Пандемия даврида аҳолининг камбағал ва энг заиф қатламларига ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатувчи муассасалар фаолиятини ислоҳ қилиш зарурати кучайди. Шу боис бу муаммоларни ҳал қилиш жадаллик билан амалга оширилмоқда. Моддий ёрдамни тақсимлашда керакли назорат, шаффофлик ва манзиллиликни таъминлаш мақсадида рақамли технологиялар асосидаги тизимли ечимларни жорий қилиш асосида аввал етарлича манзилли бўлмаган ва самарасиз тизимдан янги тизимга ўтилмоқда.
Хорижий тажриба
Ижтимоий ҳимоя тизими бу – камбағаллик ва тенгсизликни камайтириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ва дастурлар мажмуасидан иборат давлат сиёсатидир.
Ғарб давлатларида ижтимоий ҳимоянинг марказлашган тизими 20-асрнинг бошларида Германия ва Буюк Британияда ижтимоий таъминот тизимларининг яратилиши даврида, бир оз кейинроқ эса АҚШда – Буюк депрессия даврида муваффақиятга эриша бошлади. 100 йил олдин ижтимоий ҳимоя тизимлари фақатгина бир неча мамлакатда расман мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу тизим деярли барча давлатларда амал қилмоқда. Мамлакатлар ўз имкониятлари, миллий шароитлари ва устуворликларига асосланиб ижтимоий ҳимоя тизимларини қурадилар.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими нафақат моддий ёрдам беришга, балки аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини камбағалликдан чиқаришга йўналтирилган бўлиши муҳим роль ўйнайди. Ривожланган мамлакатларда 1990 йиллардан бошлаб нафақа кўринишидаги ижтимоий ёрдам олувчиларни расмий тадбиркорликка жалб қилиш учун мажбурий талаблар жорий қилинган. Бу амалиёт қўлланилган мамлакатларда (Корея, АҚШ, Янги Зеландия, Буюк Британия ва бошқалар.) аҳоли бандлиги ошгани кузатилган.
Турли тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, камбағалликдаги инсон фаровонлигини фақатгина даромадларга асосланган баҳолаш ўрнига бошқа кўп критерияли тизимлари билан ўлчаш камбағалликка қарши курашишнинг самарасини янада оширади. Камбағаллик бу фақатгина даромадлар эмас, бу турли ўлчамли (тоза ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, санитария ҳолати, бошқа зарур хизматлар) ҳаёт сифатини ифодаловчи кўрсаткичдир. Мақсадли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимидаги бу ўзгаришлар қисман Австрия, Белгия, Австралия, Канада, Чехия, Дания ва бошқа мамлакатларда 2000 йилларнинг ўрталарида расмий камбағаллик даражасини камайтиришга омил бўлган.
Турли мамлакатлар камбағаллик даражасини камайтириш учун турли моделларни қўллашади. Мисол учун, швед модели икки мақсадни кўзда тутади: тўлиқ бандлик ва даромадлар тенгсизлигини камайтиришни таъминлаш. Мазкур мамлакатида, ишсизларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш, талаб юқори бўлган соҳаларда ишлаш қобилиятини тиклашни маъқул кўришади.
Хитойда қишлоқ хўжалигини, шу жумладан, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ва ер ислоҳотларига қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилади.
Чехияда эса камбағал аҳолини моддий томондан қўллаб-қувватлаш учун асосий нафақадан ташқари маҳсулотлар ва пул кўринишидаги қўшимча кўмаклар берилади.
АҚШда камбағалларга кўрсатилаётган ёрдам аҳолининг 15 фоизидан 20 фоизигача қисмини қамраб олувчи махсус дастурлар орқали тарқатилади. Энг кўп тарқалган ёрдам турлари бу озиқ-овқат талонлари, арзон уй-жой олиш дастурлари, қариялар учун тиббий ва ижтимоий ёрдам турлари, бола парваришлаш бўйича нафақалар ва бошқа турдаги қўллаб-қувватлаш турларини ўз ичига олади.
Ўзбекистон шароитида ҳам ривожланган мамлакатлардек камбағалликни қисқартиришга комплекс ёндашув энг мақбул ечимдир. Мазкур сиёсат меҳнатга лаёқатли аҳолини имкон қадар иш билан таъминлаш ва бир вақтнинг ўзида муҳтож одамларни камбағаллик чегарасидан чиқаришга қаратилган давлат томонидан ижтимоий қўллаб қувватлашга қаратилган.
Шу билан бирга, қашшоқликни зудлик билан бартараф этишнинг имкони бўлмаган шароитда кам таъминланганларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг даромад олиши ва инсон капиталини ривожлантириши учун қўшимча имкониятлар яратиш назарда тутилмоқда.
Ижтимоий модель
Ўзбекистон ижтимоий йўналтирилган мамлакатлар қаторига киради. Бундай мамлакатларда давлат жамият ҳаётидаги иштироки анча муҳим бўлиб, у ўз фуқаролари олдидаги ижтимоий мажбуриятларини кенг кўламда амалга оширилишини назарда тутади. Бу эса жамиятнинг ижтимоий заиф қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш заруриятини келтириб чиқаради.
Кучли ижтимоий сиёсат дегани давлат институтлари томонидан ижтимоий неъматларни жамиятнинг энг кам ҳимояланган ва энг заиф аъзолари фойдасига тақсимлаш демакдир. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, кучли ижтимоий сиёсат амалга оширилгани шубҳа остига олинмай келинмоқда. Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам ижтимоий адолат тушунчасига мос келадиган давлат сиёсати модели танланганини таъкидлаш мумкин. Нима учун бундай бўлди?
Минг йиллар давомида халқимиз яшаб турган заминимизда одамлар бир-бирига ёрдам бериши, оғир ҳаётий вазиятларда қолган қашшоқ ва заиф аҳоли қўни-қўшни, маҳалла ва жамиятдан мадад олиши лозим, деган анъанавий дунёқараш шаклланган. Ўзбекистонда ижтимоий шартнома ижтимоий ахлоқнинг кўп асрлик тамойилларига асосланган.
Шундай бўлса-да, узоқ вақт давомида, камбағалликнинг мавжудлиги сиёсий сабабларга кўра расмий даражада деярли тан олинмаган, камбағалликни аниқлашнинг қонуний тасдиқланган мезонлари йўқ эди, бу ҳолда самарали ижтимоий сиёсат олиб бориш жуда мушкул масала эди. Бироқ, камбағаллик муаммоси йўқолмади, ҳатто 2007 йилда уни бартараф этиш учун тегишли стратегияни ишлаб чиқишга ҳаракат қилинди. БМТТД, Жаҳон банки ва ОТБ билан биргаликда «2008-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси фаровонлигини ошириш стратегияси» ишлаб чиқилди. Бироқ тан олиш керак, яқин давргача маҳалла қўмиталари орқали камбағалларни реал ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида туб ўзгаришлар амалга оширилмади.
Аниқланган камчиликлар
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси президентининг халқ қабулхоналари очилгач, фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, диққат билан таҳлил этилгач, бу соҳанинг етарли даражада самарали фаолият кўрсатмаётгани ва чуқур ислоҳотга муҳтожлиги сезилди.
Халқ қабулхоналари фаолият юритиб бошлаган кундан бугунги кунгача
3,6 миллиондан ортиқ фуқароларнинг президентга мурожаатлари қабул қилиниб, уларда турмуш даражаси, аҳоли бандлиги, уй-жой, сифатли давлат хизматлари, соғлиқни сақлаш ва таълим билан боғлиқ кўплаб муаммолар баён қилинган.
Кўтарилган масалаларнинг аксарияти фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимидаги камчиликлар, аҳолининг кам таъминланган ва заиф қатламларига ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлиб, бу борада фуқаролардан кўплаб шикоятлар келиб тушган.
Бу ерда шуни таъкидлаш керакки, моддий ёрдам кўрсатиш механизми ҳали ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом» билан белгиланади. Ушбу қоидага мувофиқ, болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли маҳалла фуқаролар йиғини ёки комиссияга белгиланган. Комиссия фуқаролар йиғини раиси бошчилигида фуқаролар йиғини томонидан сайланиб келган. Комиссия аъзолари 2 йил муддатга, фуқаролар йиғини раиси эса – ўз ваколатларининг бутун муддати давомида сайланган. Ушбу комиссия аъзоларининг сони камида 15 кишини ташкил этиши лозим.
Мазкур механизм, комиссия аъзолари ўзлари яшаётган маҳаллаларда қўллаб-қувватланишга муҳтож аҳолини билган ҳолда объектив қарорлар қабул қилишни назарда тутади. Аммо, бошқа томондан, жамоавий қарор қабул қилишнинг бундай механизми жуда мураккаб, етарлича шаффоф эмаслиги ва берилган ваколатлар суиистеъмол қилинишини истисно қилмайди, айниқса, кўплаб жараёнлар ортиқча ҳужжатлар ва сертификатлар тақдим этилишини талаб қилади. Балки шунинг учундир, ижтимоий ёрдам ажратиш механизмидаги қийинчиликлар ва камчиликлар таъсирида Президент қабулхоналарига самарасиз ёки ҳатто адолатсиз моддий ёрдам ажратиш амалиётлар ҳақида мурожаатлар сони ошиб кетишига олиб келди.
Қўлда бошқариш режими
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ёрдам пулларини ажратишда ҳам, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг бошқа соҳаларида ҳам жойлардаги реал вазиятни баҳолашга объектив зарурият туғилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармонида халқ Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш, уларга ечим топишга қаратилган тизим жорий қилинди.
Халқ орасида «Темир дафтар» деб номланган камбағал оилалар реестрини тузишда камбағал оилаларни уйма-уй ўрганиш асосида, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари муаммолари ҳам ҳисобга олинди. Мазкур реестр камбағалликни камайтириш ва секторлар кесимида аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича мақсадли дастурга асос бўлди. Аҳоли учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган маҳаллий даражада ҳал қилинмаган муаммолар вилоят ёки республика даражаларига ўтказилди.
2019 йилда бутун мамлакат бўйлаб 6,1 миллиондан ортиқ хонадонда аҳолининг муаммоларини ўрганиш учун тузилган ишчи гуруҳлар томонидан ўрганишлар ўтказилди. Фуқаролар билан ўтказилган сўровлар натижасида ҳал қилинишини талаб этиладиган 935,6 мингта муаммо аниқланиб, уларнинг аксарияти ҳал қилинди. Аҳоли учун энг оғриқли муаммолар орасида: суюлтирилган газ таъминоти (респондентларнинг 18,9 фоизи), бандлик (11 фоиз), соғлиқни сақлаш (8,5 фоиз), электр энергияси таъминоти (8,1 фоиз), банк кредитлари (7 фоиз), моддий ёрдам (5,7 фоиз), ичимлик суви (5,5 фоиз), кадастр масалалари (5,3 фоиз), уй-жой (4,4 фоиз), табиий газ (3,4 фоиз), кўмир таъминоти (2.3 фоиз), паспорт назорати (2,1 фоиз) ва мактабгача таълимга оид масалалар (1,5 фоиз) ўрин олган.
Жорий йилда, пандемия билан боғлиқ қатор чекловлар натижасида аҳоли турмуш даражаси соҳасида вазият янада мураккаблашди. Шу боис ижтимоий муаммоларни аниқлаш ишлари янада муҳим аҳамият касб этиб, фаол давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўпайди. Шунингдек, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни олиш учун аризалар сони ижтимоий ҳимояга мурожаат этувчиларнинг умумий сонининг 48 фоизини ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 1,9 баравар кўп.
Шу билан бир қаторда, фуқароларнинг пенсия ёки нафақаларни бекор қилиш тўғрисидаги сўровлари 4 фоизга камайганини таъкидлаш лозим. Нафақа даражасининг камлиги билан боғлиқ мурожаатлар сони 52 фоизга камайди. Тиббий эҳтиёжлар учун молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича аризалар сони 19 фоизга, ногиронлик учун имтиёзлар бўйича эса 14 фоизга камайди.
Бепул тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида мурожаатлар сони 37 фоизга, реабилитация марказларига мурожаат қилиш 29 фоизга, ногиронларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация ускуналари билан таъминлашга оид мурожаатлар 64 фоизга камайди.
Шу билан бирга, кекса ва ногиронлиги бор шахслар томонидан тиббий ёрдам ва дори-дармонлар учун ёрдам сўраш ҳолатлари сони кескин ошди (20 фоиз). Карантин чекловлари даврида уларнинг уй изоляциясида бўлгани ҳисобга олинса, мазкур вазият мантиқий тус олади.
Пандемия билан боғлиқ сўровларнинг янги тоифалари ҳам ишлатила бошланди. Карантин даврида фуқароларни моддий ёрдам, озиқ-овқат ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш тўғрисидаги мурожаатлар умумий мурожаатлар сонининг 16 фоизини, озиқ-овқат ва асосий эҳтиёжларнинг нархи ва танқислиги тўғрисидаги мурожаатлар эса 8 фоизни ташкил этди. Мазкур мурожаатларнинг асосий қисми ижобий ҳал этилгани ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалалари анча муваффақиятли ўтганини кўрсатади.
Секторлар томонидан уйма-уй юриш орқали ўтказилган ўрганишлар ижтимоий ёрдам тизимини ривожлантириш муҳимлигини кўрсатиб берди. Хусусан, молиявий ёрдам олувчиларнинг аксарияти ночор аҳволда эмас, балки замонавий таъмирланган, мебель ва бошқа буюмлар билан жиҳозланган хонадонларда истиқомат қилиши, шунингдек автомобиль ва банк ҳисобрақамларига эга экани аниқланган бўлса, кам таъминланган оилаларнинг аксарияти моддий ёрдам олиш учун рўйхатга киритилмагани кузатилди. Ушбу ҳолат, аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини, хусусан ушбу ёрдамни белгилаш мезонларини тубдан ўзгартириш лозимлигини кўрсатди.
Тизимли ёндашув
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, охирги 2-3 йилда аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида ўтган йиллар давомида тўпланган мавжуд муаммоларни секторлар томонидан йиғилган маълумотлар асосида қўл режимида тезкор ҳал этиш ўзининг самарасини кўрсатди. Аммо тан олиш лозимки, кўп ҳолларда «инсон омилига» ҳаддан ташқари боғлиқлик муаммоларни ечишда бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Хорижий мамлакатлар тажрибаси ва тадқиқот жараёнида аниқланган камчиликлар ижтимоий қўллаб-қувватлашни тизимли асосда йўлга қўйиш лозимлигини кўрсатмоқда. Айрим ёрдам турларини ажратишнинг аниқ мезонлари бўлиши, унга мувофиқликни аниқлаш мустақил ахборот манбаларига асосланиши лозим. Ёрдам ажратиш мезонлари ва тартиблари, ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар аниқ ва бутунлай шаффоф бўлиши лозим. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларини қўлда бошқаришдан аниқ ва равшан интеграциялашган тизимга ўтказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ўтган йилидан бошлаб мамлакатимизда бу борада муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги 308-сон қарорига мувофиқ, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими йўлга қўйилмоқда, бу оилалар эҳтиёжи ва талабгорларнинг белгиланган мезонларга мувофиқлиги даражасини ошкора, реал вақтда баҳолашни таъминлайди.
Эҳтиёж даражаси оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулк, банк ҳисобварақлари, олинган кредитлар, турли идораларнинг тегишли маълумотлар базаларида мавжуд бўлган автомобиллар ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олиш йўли билан аниқланади. Ушбу ҳисоб-китобларга асосан ижтимоий хизматлар, ёрдамга муҳтож аҳоли ва олувчиларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилади. Мазкур тизимни синовдан ўтказиш учун Сирдарё вилоятида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб пилот лойиҳа сифатида синаб кўрилди.
Ушбу тизим фаолиятини самарали амалга ошириш учун аҳолига кўрсатилаётган ёрдам тўғрисидаги объектив маълумотлар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига» киритиб борилиши керак. Ушбу вазифа хонадонларни ўрганиш жараёнида ҳам амалга оширилади. Мазкур маълумотлар асосида ва айрим оилаларнинг турмуш даражасига карантин чекловларининг салбий таъсирини ҳисобга олган ҳолда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул идоралар томонидан жорий йилда молиявий ёрдам ва кўмакка муҳтожлар рўйхати тузилди.
Ушбу рўйхатлардан кам таъминланганлар; имконияти чекланган фуқаролар; ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар; ёлғиз кексалар; доимий ишсиз фуқаролар; карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар; эпидемиологик жиҳатдан ночор ҳудудлардан қайтган фуқаролар ўрин олишган.
Жами мазкур рўйхатларга 1,7 миллиондан ортиқ аъзоси бўлган 400 мингдан ортиқ оила киритилди. Ушбу оилаларга бир марталик кўмак бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида ёрдам ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 30 июлдаги ПФ–6038-сон Фармони билан республика бюджетидан 380 миллиард сўм маблағ ажратилди. Моддий кўмак миқдори ҳар бир оила аъзоси учун 220 минг сўм миқдорида этиб белгиланди.
Бу йўналишда кейинги муҳим қадам жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори бўлди. Қарорда жорий йилнинг 1 сентябрдан бошлаб ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари «Электрон ҳукумат» тизимининг ажралмас қисми бўлган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали босқичма-босқич амалга оширилиб, жорий йил охиригача республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилиши белгиланган.
Ушбу тизимни жорий этишнинг асосий мақсадлари – аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишнинг ягона тизимини яратишдан иборат.
2021 йилнинг 1 январидан бошлаб, давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қўшимча ҳужжатлар ва маълумотлар фуқаролардан талаб этилишига йўл қўйилмайди. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ва 12 ой давомида амал қилади. ФҲДЁ бўлимлари архивларида қоғозда сақланадиган ҳужжатларнинг электрон маълумотлар базаларини шакллантириш мақсадида 30 млрд сўм маблағ ажратилади.
Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини амалга ошириш Ўзбекистонда камбағалликни бартараф этиш жараёнида муҳим восита бўладиган аҳолининг камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига моддий ёрдам кўрсатишнинг замонавий ва ошкора тизимини яратишга хизмат қилиши лозим.
Хулоса
Мамлакатдаги камбағалликни бартараф этиш йўлларидан бири бўлган – ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш фақатгина комплекс ёндошувлар орқалигина амалга оширилиши мумкин.
Сўнгги йилларда камбағалликни енгишга ҳисса қўшадиган бошқа соҳаларда ҳам салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Уларга янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойлари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ жойларда инфратузилмани такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунар таълими ва тарбиясини яхшилаш ҳамда иқтисодий миграция киради. Бу соҳаларда охирги йилларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар мамлакатимизнинг узоқ муддатли камбағалликни қисқартириш дастурининг муҳим қисми ҳисобланади.
Обид Ҳакимов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори