Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ва халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини намоён этган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини янада кучайтириш мақсадида, шунингдек Қурбон ҳайити байрами муносабати билан:
1. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки бир марталик моддий ёрдам пулларини моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларига киритилган оилаларга 2020 йил 15 августга қадар етказилишини таъминласин.
2. 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилсин.
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 262 470 сўм;
ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 513 350 сўм;
болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 513 350 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 315 030 сўм этиб белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йилнинг якунига қадар:
14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириб, 700 мингтагача етказишни;
бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналарнинг амалдаги сонини 330 мингдан 400 мингтага ошириш;
моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг амалдаги сонини 89 мингдан 100 мингтага етказишни таъминласин.
4. Тўлаш муддати 2020 йилнинг июль-сентябрь ойларида тугайдиган болалари бўлган оилаларга ва бола парвариши билан шуғулланадиган оналарга нафақа тўлаш навбатдаги 6 ой муддатга (бола тегишлича 2 ёш ва 14 ёшдан ошмаган ҳолатда) давом эттирилсин.
5. Коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш мақсадида ҳамда Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан:
моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган оилаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасининг ҳудудий бўлимларига 200 миллиард сўм;
тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларига (врач, фельдшер, санитар ва ҳайдовчилар) бир марталик пул мукофоти бериш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилсин.
6. Жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш ҳамда жойларда хайру саховат, мурувват борасида амалга оширилаётган ишларни, жаҳолатга қарши маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтариш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига 150 миллиард сўм маблағ ажратилсин.
7. Мазкур Фармоннинг 1, 5 ва 6-бандларида назарда тутилган маблағларнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларга, тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларига мақсадли ва манзилли етказилиши юзасидан қуйидагилар масъул этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, мутасадди вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари – моддий ёрдам, пенсия ва нафақа пулларини тўлиқ ва ўз вақтида ажратиш ва жойларга етказиш бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги – тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларига бериладиган бир марталик моддий ёрдам пулларининг манзилли етказилиши бўйича;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари – пандемия даврида ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларининг шакллантирилиши ҳамда уларга моддий ёрдам пулларининг ўз вақтида ва манзилли етказилишини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги – зарур маблағларнинг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ўз вақтида ажратилиши бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда – моддий ёрдам маблағларини тарқатиш учун нақд пул билан таъминлаш бўйича.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари Ҳисоб палатаси билан биргаликда бир марталик моддий ёрдамнинг ўз вақтида ва мақсадли амалга оширилиши устидан назорат ўрнатсин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.
Ш.Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти