Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2020 йил 11 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ушбу ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Сенат аъзолари томонидан 20 та масала, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилган ялпи мажлис иши Олий Мажлис Сенатининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали ҳамда “Узрепорт” телеканалида тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Дастлаб сенаторлар “Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги ҳамда “Соғлом турмуш” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини муҳокама этишди.
Дунё миқёсида коронавирус пандемияси давом этаётган бир вақтда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида тезкор ва муҳим чоралар амалга оширилиб, фидойи шифокорлар, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари, саховатпеша инсонлар, карантин шароитида халқимиз матонати билан пандемияни жиловлашга муваффақ бўлинмоқда. Шу муносабат билан “Саломатлик” орденини таъсис этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ушбу орден икки даражадан иборат бўлиб, I даражали “Саломатлик” ордени билан тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшганлар тақдирланади. II даражали орден билан эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли касалликларнинг барвақт олдини олиш ва бартараф этишда фаол иштирок этган шахслар мукофотланади.
Худди шунингдек, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва бадантарбияни кундалик турмуш тарзига айлантириб, жамоатчиликка шахсий намуна бўлаётган ҳамюртларимиз хизматларини эътироф этиш мақсадида “Соғлом турмуш” медали таъсис этилмоқда.
“Саломатлик” ордени ҳамда “Соғлом турмуш” медали билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Мазкур қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг Сенат аъзолари “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди. Ушбу Қонунга илова сифатида “Фахрий мураббий” ордени тўғрисида низом ҳамда орденнинг тавсифи тасдиқланган.
Низомга кўра “Фахрий мураббий” ордени билан ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва қобилиятларини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиз тақдирланади.
Қолаверса, мазкур орден ўзининг чуқур билим ва бой ҳаётий тажрибаси билан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида шахсий намуна кўрсатиб келаётган, давлат ва жамият олдидаги юксак хизматлари билан алоҳида эътибор қозонган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин. Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.
Парламент юқори палатаси аъзолари тўртинчи ялпи мажлис доирасида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишди.
Мазкур Қонун Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.
Қонуннинг қабул қилиниши коронавирус пандемияси ва глобал инқироз даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда харажатларни оптималлаштириш мақсадларига хизмат қилади.
Фармонга мувофиқ Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилганлиги муносабати билан республика бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг чегараланган миқдорларига ўзгартиришлар киритилиб, Қонуннинг 5-иловаси янги таҳрирда берилмоқда.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг қарорларига асосан айрим давлат бошқарув органлари тузилмасида маъмурий ўзгартиришлар амалга оширилганлиги, шунингдек, йиллик бюджет тўғрисидаги қонун биринчи марта жорий этилиши муносабати билан амалиётда юзага келаётган айрим ҳолатлардан келиб чиқиб, бошқа ўзгартиришлар ҳам киритиш зарурати пайдо бўлган.
Шунингдек, Президентимизнинг қарорига асосан республика ҳамда маҳаллий бюджетлардан амалга ошириладиган харажатларни қисқартириш юзасидан тегишли тадбирлар белгиланган ва улар ижросининг ҳуқуқий асослари Қонунда белгиланган. Хусусан, республика бюджетидан адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш, фермер хўжаликлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси қийматини қоплаш учун ҳамда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун бериладиган субсидиялар маҳаллий бюджетлар орқали молиялаштириши белгиланаётганлиги сабабли ҳудудий бюджетларга бериладиган трансфертлар кўпайтирилмоқда.
Қонун билан коронавирус пандемияси ва глобал инқироз даврида Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бюджет харажатлари оптималлаштирилмоқда ҳамда устувор йўналишларга, яъни коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва унинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларга сафарбар қилиниши назарда тутилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.
Қонун билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жиноят кодекси “Ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш” учун жавобгарлик белгиланган беш қисмдан иборат 1731-моддаси билан тўлдирилмоқда. Ушбу модданинг биринчи қисмига кўра, ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий ишлар ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазо белгилаш назарда тутилмоқда.
Модданинг иккинчи қисмида эса жавобгарликни оғирлаштирилган ҳолатлар кўрсатилган бўлиб, ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш — олиб қўйилаётган ер участкасидаги бино, бошқа иморат, иншоот ёки дов-дарахтлар ёхуд уларнинг қисмларини, зарарнинг ўрни мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлашга сабаб бўлса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса, муайян ҳуқуқдан чекланган ҳолда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Модданинг учинчи қисмида худди шундай ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, айбдор уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва тўртинчи қисмига мувофиқ, худди шундай ҳаракатлар кўпчилик учун хавфли бўлган усулда ёки жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ер участкаларини олиб қўйиш учун жавобгарлик кўрсатилган 613-моддаси билан тўлдирилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши ер участкасини олиб қўйиш тартибига риоя этмаганлик ҳамда бунинг оқибатида мулкдорларга зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама марказида бўлди.
Қонун билан ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти, шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва бошқа жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсга нисбатан қўлланиладиган процессуал ҳаракатларни видеоёзув орқали қайд этиш шартлиги белгиланмоқда.
Алоҳида қайд этиш жоизки, ҳимоячидан воз кечиш жараёни мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилиши назарда тутилмоқда. Ўз навбатида видеоёзув материаллари баённомага илова қилинади. Шу билан бирга, ҳимоячининг ҳимоя остидаги шахс билан холи учрашишининг видеоёзув орқали қайд этилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Қонуннинг қабул қилиниши жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилишини мустаҳкамлайди. Сенаторлар Қонунни маъқуллади.
Сўнгра “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур Қонунда тизимни ислоҳ қилишга қаратилган янгиликлар назарда тутилмоқда. Хусусан, “доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилмоқда. Бундан ташқари, фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган бошқа манзилдаги уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти яратилмоқда. Қолаверса, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотиш бўйича қоидалар бекор қилинмоқда.
Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар ҳамда давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари белгиланган тартибда доимий прописка қилингандан сўнг, улар бошқа ишга ўтиши ёки лавозимдан озод этилиши яшаш жойи бўйича доимий рўйхатдан чиқарилишга олиб келишига оид қоида чиқариб ташланмоқда.
Давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилмоқда.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг пойтахтда доимий рўйхатга олиниши тартиб-таомиллари либераллаштирилади. Сенаторлар томонидан Қонун маъқулланди.
Шундан кейин Сенат аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонуни муҳокама қилди.
Бироқ ушбу норма амалиётда турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин. Жумладан, ундаги томорқа ер участкасидан “асоссиз равишда” ёки “оқилона” фойдаланмаслик ёхуд “самарасиз” фойдаланиш каби тушунчалар қонун ҳужжатларида очиб берилмаган. Бу эса тегишли идоралар томонидан жавобгарликка тортишда коррупция ва бошқа суиистеъмолликларга замин яратади.
Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига асосан ишлаб чиқилаётган “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасида юқоридаги каби қонун ҳужжатларимизда мавҳум бўлган тушунчаларни очиб бериш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимча тез кунларда ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини ҳам йўқотади. Шу жиҳатдан Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сўнгра “Давлат божи тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинмоқда.
Бундан ташқари, нотариал амалиётда, хусусан, битимларни тасдиқлаганлик ва мерос ишларини расмийлаштирганлик учун давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларига аниқлаштирувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун эса ундириладиган айрим давлат божи тўловларинг миқдорлари оптималлаштирилмоқда.
Шу билан бирга, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ лицензия берганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун давлат божи ундирилиши бўйича Қонунга тегишли қўшимча киритилмоқда.
Шунга кўра, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга адвокатлик тузилмалари, уларнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, юридик маслаҳатхоналарнинг низомларини давлат рўйхатидан ўтказганлик ҳамда юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олганлик учун ундириладиган давлат божи ставкалари бўйича қўшимча киритилмоқда.
Қонуннинг қабул қабул қилиниши давлат божи ставкалари оптималлаштирилиши ва давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари аниқлаштирилишига хизмат қилади. Сенаторлар Қонунни маъқуллади.
Сўнгра “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 мартдаги “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2020 йил 1 июлдан бошлаб ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартибларини бекор қилиб, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизимини жорий қилиш белгиланган. Ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, қонундаги лицензиялаш билан боғлиқ нормаларни чиқариб ташлаш талаб этилади.
Шунингдек, сенаторлар қонунда электрон ноширлик маҳсулотини тайёрлаш ва тарқатиш тартибини назарда тутувчи нормалар мавжуд эмаслигига эътибор қаратишди. Бундан ташқари, мамлакатимизда диний мазмундаги материалларни тайёрлашга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ўтказилган экспертизадан кейингина йўл қўйилади. Қонунни шу нуқтаи назардан янги нормалар билан тўлдириш зарур, деб топилди.
Юқоридагиларга асосланиб, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги масаласини кўриб чиқишди.
Аввал хабар берилганидек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган маълумотлар ва ҳисоб-китоблар Сенат қўмиталари ва махсус ишчи гуруҳи йиғишларида етакчи эксперт ва мутахассисларнинг иштирокида чуқур таҳлиллар асосида муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ҳам муҳокама қилинди. Ялпи мажлисда ҳам ушбу масала қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
ЕОИИ доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдорларининг фикрига кўра, ушбу ташкилот билан ҳамкорлик ташқи савдо ҳажмининг ўсиши, мамлакатимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро алоқаларни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ЕОИИга аъзо давлатларга божхона расмийлаштирувини амалга оширмасдан экспорт қилиш имконияти яратилади.
Яна бир эътиборли томони шундаки, ЕОИИ билан ҳамкорлик транспорт-коммуникация ва юклар транзити соҳасидаги манфаатларига ижобий таъсир қилади. ЕОИИга аъзо давлатларда ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимизга кенг имконият яратади.
Ўзбекистоннинг ЕОИИда “кузатувчи давлат” сифатида иштирок этиши мазкур ташкилот доирасида олиб борилаётган ишлардан хабардор бўлиши ва натижада таҳлиллар асосида тўғри хулоса қилиш имконини беради.
Қарши овоз берган сенаторлар иқтисодиётимизнинг қатор тармоқларида ишлаб чиқариш суръатларининг пасайиши, муайян даражада иш ўринларининг йўқотилиши, инвестиция фаолияти ва саноат модернизация жараёнларининг сустлашишига олиб келиши мумкинлигини билдиришди. Шунингдек, муайян даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари нархларининг ошиши, уларнинг рақобатбардошлигига салбий таъсир қилиши ҳамда ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажми кўпайишини ҳам таъкидлашди. Бундан ташқари, республиканинг савдо сальдоси ва тўлов баланси ҳолати ёмонлашиши хавфи борлиги қайд этилди. Мамлакатимиз манфаатлари учун Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи долзарброқ эканлиги ҳам айтиб ўтилди.
Қизғин ва очиқ мунозара якунида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллашди.
Мазкур масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, умумий қиймати 18,2 трлн. сўм ва 10,3 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган Давлат дастури ижросини таъминлаш ва доимий мониторинг қилиб бориш юзасидан Ҳукуматда яхлит тизим яратилган. Пандемия даврида республикада макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, қатор амалий чора-тадбирлар кўрилган.
Дастурга мувофиқ жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилиши белгиланган 15 та банддан 3 тасининг бажариш муддати узайтирилган. Ушбу масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди.
Таъкидланганидек, Вакил ва унинг минтақавий вакиллари томонидан 8 та асосий соҳа бўйича ишлар қилинган. Хусусан, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онги ва хабардорлигини ошириш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилган.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасида қатор ишлар қилинган. Мониторинг давомида қамоқда сақланаётган шахслар билан жамоавий 3000 дан ортиқ учрашувлар ва 248 киши билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.
Шунингдек, мажлисда сенаторлар томонидан Омбудсманнинг ҳисоботи танқидий-таҳлилий тарзда кўриб чиқилди. Жумладан, Вакил томонидан шикоятларни кўриб чиқиш учун вилоят ҳокимликларига 773 та сўров хати юборилган бўлса-да, уларнинг 180 дан ортиғига ўз вақтида жавоб берилмаган. 134 та сўровга республика вазирлик ва идоралари томонидан муносабат билдирилмаган. Ушбу масалаларга масъулиятсизлик билан ёндашган вазирлик ва идораларга тегишли чора кўриш юзасидан Парламент палаталарига тегишли тартибда маълум қилиниши зарурлиги борасида сўз юритилди.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноятда гумон қилинувчилар ва маҳкумларга нисбатан ноқонуний таъсир чоралари кўрилганлиги тўғрисида 138 та шикоят келиб тушганлиги, бундай салбий ҳолатларнинг нафақат оқибатларига чора кўриш билан чекланиш, балки уларга олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тизимли ишлар олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келувчи сабаб ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш натижаларига кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Олий Мажлис палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиш ваколатини амалга ошириш, Олий Мажлис палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида иштирок этиш, уларга кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этиш ҳуқуқидан самарали фойдаланиш топширилди.
Яна бир жиҳат, 2019 йил давомида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш, фуқаролар ўз вақтида бошқа турар жой билан таъминланмаган ҳолда олиб қўйилганлиги ҳолатларининг олдини олишда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг минтақавий вакиллари томонидан ўз вақтида тегишли давлат органлари ва маҳаллий давлат идоралари билан ҳамкорлик ишларини олиб бориш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, Омбудсман фаолиятини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашга доир қатор таклифлар билдирилди. Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори прокуратура органларининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисоботи ҳам эшитилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмалари асосида прокуратура органларини коррупциядан ҳоли, чинакам халқ прокуратурасига айлантириш, фаолият самарадорлигини тубдан ошириш борасида қатор чоралар кўрилган. Аввало, ҳалол, садоқатли ва профессионал ходимлар корпусини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирларни амалга татбиқ этиш бошланган.
Қонунлар ижроси устидан назоратни таъминлаш баробарида фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни амалда бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш каби ҳаётий муҳим масалаларга устувор аҳамият берилиб, 15 мингдан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши ва муаммолари бартараф этилиши таъминланган.
Прокуратура органларининг фаолияти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 2019 йилда таълим соҳасида текширилган вазирлик ва идораларнинг 93 фоизида 16,7 млрд. сўмлик молиявий қонунбузарликлар аниқланиб, бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 2,5 бараварга ошган.
Шу билан бирга, қонунлар ижросига бевосита масъул идоралар томонидан зиммаларига юклатилган вазифаларнинг тўлақонли бажарилмаслиги жойларда кўплаб муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлганлиги аниқланган. Масалан, фуқароларнинг уйлари бузилиши муносабати билан тегишли компенсация пулларининг ўз вақтида ва тўлиқ берилмаслиги, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Бу борада прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида жами 2,3 трлн. сўм зарарлар ундирилишига эришилган.
Бироқ иқтисодий жиноятлар бўйича тергов жараёнида жиноятни фош этиш билан бирга, етказилган зарарни ундириш, яъни ўғирланган моддий бойликларни топиб, қонуний эгасига қайтаришда камчиликлар мавжуд. Шу боис, сенаторлар томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида белгиланган тадбирларнинг бажарилиши, айниқса, қурилиш ишларининг сифати ва талабларга жавоб бериши бўйича доимий назорат ўрнатиш зарурлиги кўрсатилди.
Қурилиш соҳасида коррупцияга оид аломатлар оқибатида рўй бераётган талафотлар, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларни бартараф этиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Прокуратура органлари бу масалаларда ўз назоратини янада кучайтириши, уларга қонунлар билан берилган ваколатлардан кенг фойдаланиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, мажлисда прокуратура органлари мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолият самарадорлигини янада ошириши лозимлиги кўрсатилиб, тегишли вазифалар бўйича кўрсатмалар берилди. Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги Марказий банк Бошқаруви Раисининг ҳисоботи эшитилди.
Марказий банк томонидан ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш йўналишида иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни жиловлаш ҳамда инфляция даражасига монетар омилларнинг таъсирини камайтиришга қаратилган пул-кредит сиёсатини амалга ошириш борасидаги ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ҳисобот йилида ижтимоий дастурлар доирасида аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Қолаверса, инвестицион муҳитни яхшилаш ва иқтисодиётда узоқ йиллар давомида шаклланган инвестицион фаолликни юқори даражада ушлаб туриш мақсадида хорижий ва миллий валютада ажратилган кредит маблағларининг ҳажми кўпайган. Жумладан, 2019 йилда тижорат банклари томонидан хорижий кредит линиялари ҳисобидан 2,1 млрд. АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилган.
Ўтган йил давомида тижорат банкларининг иқтисодиётга ажратилган жами кредит қўйилмалари 1,6 бараварга кўпайиб, 2020 йил 1 январь ҳолатига 208,6 трлн. сўмни ташкил қилган. Хусусан, 2019 йилда тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар 1,5 баробарга ошиб, 58,4 трлн. сўмга етган. Шу билан бирга, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи 1,6 баробарга ошган. Бу эса жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 40 трлн. сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурлар доирасида жами 7,6 трлн. сўм, шу жумладан, бевосита жисмоний шахсларга 4,9 трлн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган.
Банк тизимида ликвидлиликни самарали тартибга солиш, иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг ўсиш суръатини мувозанатлаштириш ҳамда кенг қамровли коммуникацион сиёсат олиб бориш орқали иқтисодиётдаги инфляцион босим ва тасодифларни пасайтиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилган.
Мажлисда хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, тўлов тизими барқарорлиги ва ривожланишини таъминлаш мақсадида Марказий банк ҳамда банклар фаолиятига оид қабул қилинган қонунларга мувофиқ, 2020 йилда Марказий банк томонидан алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган қатор вазифалар ҳам муҳокама қилинди. Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилди.
Таъкидланганидек, Ҳисоб палатаси ўтган йилдаги фаолияти давомида давлат бюджети ижроси, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан назорат олиб борган. Президент топшириқлари ижроси, стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари каби масалалар бўйича назорат ва таҳлилий тадбирларни амалга оширган.
Хусусан, Давлат бюджетига қўшимча 2,7 трлн. сўмлик даромад манбалари аниқланиб, белгиланган қўшимча даромад манбаларининг ҳудудлар бўйича тўлиқ таъминланишида амалий ёрдам кўрсатилган. Бюджет маблағларидан 1,1 трлн. сўмлик ноқонуний ва самарасиз харажатлар аниқланиб, шундан 150 млрд. сўми бартараф этилиши таъминланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқлари, олий даражадаги ташрифлар якуни бўйича эришилган 4 мингдан зиёд қарийб 130 млрд. АҚШ доллари қийматидаги келишувлар амалга оширилиши юзасидан назорат олиб борилган. Ҳисобот йилида қатор корхона ва муассасалар томонидан давлат харидларига оид қонун ҳужжатларига риоя этмасдан, тўғридан-тўғри шартнома орқали 19,9 млрд. сўм ортиқча сарфланганлиги, импорт хажми 24,9 фоизга ортиб кетганлиги, ташқи савдода манфий қолдиқ деярли 7 млрд. долларга етганлиги аниқланган.
Шунингдек, мажлисда сенаторлар томонидан Ҳисоб палатасининг фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсиялар билдирилди. Жумладан, Сенат билан ҳамкорликда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар тушумларининг тўлиқлигини тизимли равишда ўрганиб бориш ва даромадларни кўпайтириш захираларини аниқлашда замонавий ахборот технологияларини кенг қўллаган ҳолда масофавий назоратни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра Сенат аъзолари илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2018-2019 йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолатига доир ахборотини эшитди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Ушбу халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши бўйича миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилган.
Кейинги даврда, айниқса, Ўзбекистон парламенти томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенцияси, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг 3 та шартномаси ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлар тасдиқланди.
Мамлакатда мазкур халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ташаббуслари БМТ даражасида қўллаб-қувватланаётганлиги таъкидланди. жумладан, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилиниши Президентимиз томонидан ушбу халқаро ташкилотнинг 73-сессиясида илгари сурилган ташаббус ҳаётга татбиқ этилганининг амалий ифодасидир.
2018 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Осиё минтақасида биринчи маротаба Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси ҳужжати сифатида тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси, шунингдек, 2019 йилда эса Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон 2021-2023 йилларга бўлган даврда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик учун номзодини илгари сурганини ҳисобга олган ҳолда, бу борада ижобий самарага эришиш учун тегишли барча сиёсий-дипломатик чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра Ҳокимлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмасдан қарорлар қабул қилиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ қарорлар қабул қилиниши ҳолати ўрганилди. Таҳлилларга кўра, биргина 2019 йилнинг ўзида ҳокимларнинг 3400 дан ортиқ қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган. Маъмурий судлар томонидан бу борада 2019 йилда жами 2 992 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 1 255 таси (42%) қаноатлантирилган. 2020 йилнинг январь-февраль ойларида эса 552 та иш кўрилган ва уларнинг 248 таси ёки 45 фоизи қаноатлантирилган.
Бу борада фуқаролар норози бўлиб мурожаат қилиш сони ва ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмасдан қарорлар қабул қилиши ҳолатлари кўпайиб борган.
Туман, шаҳар ҳокимлари ваколатга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда бино-иншоотларни балансга олиш тўғрисида, ер участкасини ажратиш ваколати уларга берилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда ажратилаётган ер майдонини тўлақонли ўрганилишини таъминламасдан ер ажратиш юзасидан қарорлар қабул қилган.
Шунингдек, қонун ҳужжатларига кўра ер участкалари қонунга зид равишда олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик масалалари қатъий белгиланмаган, энг муҳими, бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан ўз вақтида муносиб эътибор берилмаган.
Мулкдорларнинг мулки мусодара қилиниши ҳақида огоҳлантиришнинг олти ойлик муддатига риоя қилмаслик, мулкчилик объекти учун компенсация маблағларини тўламай ёки қиймати бўйича тенг мол-мулкни тақдим этмай мажбуран чиқариб юбориш одатий ҳолга айланган.
Маҳаллий ҳокимият органлари вакилларининг мулк эгаларига кўп ҳолатда қўпол муносабатда бўлиши аҳолининг ижтимоий кайфиятига путур етказувчи омил бўлмоқда.
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра Сенат аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини тасдиқлади.
Бундан ташқари, мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.