Россиядаги ўзбекистонлик талабалар боболари кўрсатган жасорат ҳақида сўзлаб беришди

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши арафасида Жанубий Урал аграр давлат университетида таҳсил олаётган ватандошларимиз фашизмга қарши курашган боболаримиз хотирасига бағишланган тадбирда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Саидмирзахўжа Аҳмадов ўз тенгдошларига бобоси Аҳмадов Закариё Аҳмадовичнинг Иккинчи жаҳон урушида бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб берди.
Оғир қисмат ҳақидаги теран ҳикоя инсонни таъсирлантирмай қолмайди. Болалигидан етимликнинг барча машаққатларини тотиб кўрган, ягона севган инсони акасидан эрта ажраб, урушга кетган одам чин инсон сифатида, ўз ватанига садоқатли ўғлон бўлиб қолиши ҳайратланарли.
22 ёшида урушга чақирилган, замондошимиз бобоси Финляндия урушида, кейин Бессарабияда жанг қилган ва мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларини озод қилишда қатнашган. Талаба бобоси ҳақидаги воқеаларни сўзлаб берар экан, унинг қандай қилиб қамалга тушиб қолганини айтиб берди. Қамалдан қочиб бўлмайди, атроф қуршаб олинган, қочишга уринганлар эса миналарга дуч келишарди. Озиқ-овқат тугаб бўлган, аммо аскарлар охирги бўлак нон ва сўнгги томчи сувни ҳам бир-бирлари билан баҳам кўришди. Сўнгги дақиқалардагина аскарлар миналаштирилган майдон орқали қуршовдан чиқишга муваффақ бўлишди. Улар қўлга тушгандан кўра ўлган яхшироқ, деган қарорга келишган эди. Бутун уруш машаққатларини бошидан кечирган Закариё Аҳмадович Берлингача етиб келиб, 1946 йилда уйига қайтади.
"У кўп бор ўлим билан юзма-юз келган, аммо ҳеч қачон ортга чекинмаган", дейди С.Аҳмадов бобоси ҳақида.
Акция доирасида яна бир ўзбекистонлик талаба Шоҳислом Абдукаримов ўз бобоси – Тлеубергенов Абдукарим ҳақида сўзлаб берди.
Тлеубергенов Абдукарим 1926 йилда Қорақалпоғистонда туғилган, қатағон қилинган имомнинг ўғли бўлиб, халқ душмани тамғасини ўзи ва оиласидан олиб ташлаш учун 1943 йилда фронтга боришга қарор қилади. У 1944 йилда 4-Украина фронтига жалб қилиниб, Украинанинг ўнг қирғоғидаги стратегик ҳужумларда қатнашди. Ушбу жангларда қатнашгани учун II даражали Ватан уруши ордени билан тақдирланган. Ва ниҳоят 1958 йилда Абдукарим ва унинг оиласидан тамға олиб ташланди.
"Шундай қилиб, бобом Буюк ғалабага ўзининг ҳиссасини қўшган", дея айтади Шоҳислом.
Урушда мардона курашиб, жасорат кўрсатган аждодлар ворислари боболарини эслашиб, ўз ватанларидан узоқда бўлган ҳолда тинчлик ва дўстликни қадрлашмоқда.
Улар ҳам боболари каби ҳаётлари давомида Ватанпарвар бўлиб қолишлари, юрт равнақи ва тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишларини тилаймиз.