Ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳеч бир юртдошимиз эътибордан четда қолмаслиги лозим
Бугунги синовли кунларда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, турмуш даражасини яхшилаш мақсадида зарур ёрдам кўрсатиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Бу борада аҳолининг эҳтиёжманд қатлами орасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ўз меҳнати орқали даромад топиш учун муносиб шарт-шароитларни яратиб бериш лозим.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Содиқжон Турдиев раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳнинг Хоразм вилояти миқёсида олиб борган ўрганишлари давомида ана шу жиҳатларга алоҳида аҳамият берилди ҳамда бу борада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Жумладан, жорий йилнинг 27 февраль куни Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасадди раҳбарлар олдига қўйилган вазифалар, шунингдек, халқимиз фаровонлигини ошириш мақсадида қабул қилинган “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг Хазорасп туманида олиб борилаётган ишлар билан атрофлича танишди.
Айтиш мумкинки, белгиланган чоралар натижасида бугунги кунга қадар тумандаги камбағал ҳамда кам таъминланган оилалар сони аниқланиб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича зарур қадамлар қўйилган. Хусусан, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ҳар бир сектор кесими бўйича жойлашган маҳаллалардаги шу тоифага мансуб оилаларга турли кўмак ва ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Хазораспда куни кеча вазир ўринбосари С. Турдиев ташаббуси билан яна бир хайрия тадбир ташкил этилди. Туманнинг “Шовот” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10 та, “Овшар” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10 та, “Жувондур” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10 та, “Буюк сиймо” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10 та, жами 40 та кам таъминланган оилага маҳаллий ҳокимлик томонидан ажратилган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 40 та JACK русумли тикув машинаси тақдим этилди.
— Ўзим тикувчилик цехида ишлаб, аёллар ва болалар кийимларини тикиш бўйича керакли тажриба тўплаганман, — дейди “Шовот” маҳалласида яшовчи Шаҳноза Кенжаева. — Оиламизга берилган бу тикув машинаси орқали энди янада ўз устимда ишлаб, маҳалламиз ва атрофимиздаги инсонлар учун кийим-кечаклар тикиб беришга ҳаракат қиламан.
Мазкур оилаларни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, рўзғори учун зарур маҳсулотларни етиштириш мақсадида тумандаги фаол фермерлар томонидан ҳар бир оилага бир гектардан ер ажратилди. Шунингдек, такрорий экин учун ерни шудгорлаб, керакли уруғ билан таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан шартнома тузилди.
Айтиш мумкинки, ҳозирги вақтда тумандаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишга мўлжалланган қўшимча 200 гектар ер ўзлаштирилиб, ушбу ҳудудларга 8 км узоқликдаги масофадан сув олиб келинди. Қувонарлиси, мазкур ер майдонлари ҳудуддаги вақтинча ишсиз 732 нафар ёшларга экин экиш учун тенг миқдорда тақсимлаб берилиб, тажрибали деҳқон ва фермерлар томонидан ерга уруғ қадашдан тортиб ҳосилни йиғиб бўлгунга қадар жараёнлар ҳақида зарур маслаҳат ва кўрсатмалар берилди.
С.Турдиев ҳудуддаги кексалар, якка-ёлғиз ва ногиронлиги бўлган инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ишлари билан танишиш учун туманда истиқомат қилаётган 2 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 39 нафар якка-ёлғиз, 31 нафар ногиронлиги бўлган инсонлар ҳақида барча маълумотларни атрофлича ўрганди. Уларга ўз вақтида эътибор кўрсатиш, зарур ижтимоий ёрдам маҳсулотларини мунтазам равишда етказиб бериш бўйича мутасаддиларга керакли кўрсатмалар берди. Айниқса, бу борада кексаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, улардан имкон қадар хабар олиб туриш халқимизга хос инсоний фазилат эканлигини таъкидлаб ўтди.
— Кексалар бизнинг, юртимизнинг, бутун халқимизнинг чинакам фахри. — дейди С. Турдиев. — Уларнинг узоқ йиллар давомида тўплаган ҳаётий тажрибалари ҳар биримиз учун улкан мактаб ва унутилмас дарс бўлиши лозим.
С. Турдиев ўз сафари давомида вилоятнинг Тупроққалъа туманини ташкил этиш билан боғлиқ йиғилишда иштирок этди. Шу куннинг ўзида тумандаги 15 та маҳаллалардаги мавжуд вазият билан танишиб чиқди.
Фуқаролар йиғинлари раислари билан суҳбатлашиб, маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўрсатилаётган кўмак ва бу борада ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни ўрганди. Мазкур оилаларни тадбиркорликка жалб қилиш, аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича ўз маслаҳатлари билан ўртоқлашди. Ўрганишлар давомида маҳаллалардаги эҳтиёжманд оила вакилларига ижтимоий ёрдам маҳсулотлари берилди.
Шунингдек, “Тупроққалъа”, “Саримой”, “Хазорасп”, “Хонқа” ва “Хива” маҳаллаларидаги кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга туман Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан помидор, карам, булғар қалампир ва бошқа турдаги кўчатлар етказиб берилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
вазирлиги Матбуот хизмати