Ўзбек пахта маҳсулотидан бойкотни олиб ташлаш бўйича очиқ мурожаат
Ўзбекистон ҳукумати коронавирус тарқалишининг оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар кўрмоқда. Ўзбекистоннинг айрим соҳалари ва бизнеслари мослашишга, ҳукумат эса аҳолининг заиф қатламларига ёрдам беришга ҳаракат қилаётганлиги боис мамлакат иқтисодиётини сақлаб қолиш учун қўшимча ҳаракатлар талаб этилади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири “Cotton Campaign” коалицияси раҳбариятига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган пахта маҳсулотларидан фойдаланиш учун бойкотни олиб ташлашни сўраб мурожаат қилди. Вазирнинг тўлиқ баёноти билан қуйидаги матнда танишиш мумкин.
“Cotton Campaign” халқаро коалициясининг ҳаммуассиси жаноб Беннет Фриман, Ишчилар ҳуқуқлари бўйича Халқаро Форумнинг ижрочи директори Жуди Герхард хоним, “Cotton Campaign” координатори Эллисон Гилл хонимга.
Ҳурматли жаноб Фриман, Герхард хоним, Гилл хоним,
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги номидан 2020 йил 28 январь – 6 февраль кунлари мамлакатимизга ташриф буюрганингиз учун сизга чуқур миннатдорчилик билдиришга ижозат бергайсиз.
Сизнинг делегациянгиз Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссия раиси, Адлия вазири, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Қишлоқ хўжалиги вазири, Ишчилар ва иш берувчилар ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий маъмурият раҳбарлари, давлат меҳнат инспекторлари, фуқаролик жамияти вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувлар давомидаги конструктив мулоқотингизни юксак қадрлаймиз.
Сизни ишонтириб айтаманки, Ўзбекистон ҳукумати Сизнинг коалициянгиз кўмагида ишлаб чиқилган “Ислоҳотларнинг йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида, шунингдек, мамлакатимизнинг барча фуқаролари учун ижтимоий таъминот ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мажбуриятларимизга мувофиқ мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини бартараф этиш бўйича қатъий чора-тадбирларни амалга оширишда давом этмоқда.
Ушбу мажбуриятларнинг бажарилиши бир неча муҳим ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилган. Жумладан, жорий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилишини назарда тутувчи қонунга имзо чекди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси”ни тасдиқлади. Шу билан аграр секторда давлат ролини камайтирди.
Жорий йилнинг 6 март куни тарихий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб пахта ишлаб чиқаришни, нархни ва мажбурий сотишни давлат томонидан тартибга солишдан воз кечади.
Яқинда қабул қилинган ушбу қонун ҳужжатлари шундан далолат берадики, Ўзбекистон ҳукумати хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда Ўзбекистон пахтачилик тармоғида ислоҳотларнинг янги босқичини бошлашга тайёр.
Янги ислоҳотлар даврига ўтишда аҳолига зарур ўзгаришларни амалга ошириш учун коалиция томонидан имзоланган Uzbek Cotton Pledge мажбурияти доирасида ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни олиб ташлашни сўрайман.
Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон ҳукумати сизнинг Ўзбекистонга қаратилган муҳим ишингизни тугатишингизга қарамасдан алоқаларни давом эттиради, албатта. Мамлакатимизнинг янги ислоҳотлар даврида мажбурий меҳнатни бартараф этишда, эришилган ютуқларни мустаҳкамлашда сизнинг тажрибангизга – ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида барқарор ривожланиш ва ижтимоий масъулият мажбуриятларини амалга оширишда мониторинг қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган доимий саъй-ҳаракатларингизга таянган ҳолда ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.
Халқаро меҳнат ташкилотининг сўнгги маърузаси “2019 йил, пахта ҳосилини йиғиш даврида тизимли мажбурий меҳнат ҳолатлари қайд этилмаган” ва “Ўзбекистонда пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнати қўлланилмаяпти”, дея тасдиқлайди. Биз ушбу ютуқлардан фахрланамиз ва натижаларимизни яхшилашга қатъий қарор қилдик. Албатта, биз Ўзбекистонда меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳали катта ишлар амалга ошириш кераклигини тўлиқ англаймиз ва коалиция томонидан яқинда айтиб ўтилган муҳим тавсияларни биз учун устувор аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз.
Бойкотни олиб ташлаш борасидаги мурожаатимга бугунги кундаги мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини бартараф этиш бўйича эришилган аниқ стратегиямиз билан бирга яна бир бошқа сабаб бор.
Шу кунларда коронавирус пандемияси сабаб Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳалари кўрилмаган хавфга дуч келди. Халқаро меҳнат ташкилотининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунё бўйлаб 25 миллион киши ўз ишини йўқотиши мумкин ва ишчиларнинг даромадлари камида 3,4 триллион долларга камаяди. АҚШ ва Ўзбекистон ҳам бундан холи эмас.
Бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозори мисли кўрилмаган босимга дуч келмоқда: республикамизнинг бир ярим миллиондан ортиқ фуқароси ишсиз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кескин (чоралар) изоляция туфайли 150 минг фуқаро мажбуран ишсиз қолди, чет элдан қайтган 140 мингдан ортиқ фуқароларимиз доимий даромадларидан маҳрум бўлишди, 200 мингдан ортиқ оила қашшоқлик ёқасида.
Давлат корхоналари, хусусий сектор ва бутун меҳнат бозори янги шароитларга имкон қадар кўпроқ мослашишга ҳаракат қилмоқда. Аммо миллий иқтисодиётимиз жуда зарур бўлган янги иш ўринларини яратиш учун катта куч сарфлаши керак.
Шу боис пахта бойкотини олиб ташлаш ҳақидаги қарорингиз ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин. Ўзбекистон тўқимачилик саноати аҳоли бандлигини таъминлашда етакчи тармоқлардан биридир. Фақат ишлаб чиқаришда қарийб 7 000 корхонада 200 мингдан ортиқ аҳоли иш билан банд бўлганлиги боис бир миллион аҳоли барқарор даромадга эга. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўзбек пахтасидан бойкот олиб ташланса, тўқимачилик маҳсулотларининг умумий экспорт ҳажми икки баробарга ортиши мумкин. Бу эса халқимиз учун зарур иш ўринларини яратади.
АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортни қайта тиклаш COVID-19 га қарши глобал курашда муҳим роль ўйнаши мумкин. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари қисқа вақт ичида вазиятга мослашган ҳолда шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқаришни ўн баробарга оширди. Ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар бойкотга дуч келмаганида, ўзбек тўқимачилигида тайёрланган ниқоблар, жарроҳлик либослари ва бошқа турдаги шахсий ҳимоя воситалари юзага келаётган глобал вазиятни бартараф этишда мадад бўлиши мумкин эди.
Умид қиламизки, бойкотни тўхтатиш ҳақидаги илтимосимизни ўзбек халқига нисбатан ҳамжиҳатлик ҳаракати сифатида кўриб чиқасиз, бу эса айни синовли даврда фуқароларимизнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилар эди.
Сиз ва оилангизга мустаҳкам соғлиқ ва куч-қувват тилайман. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз бундан ҳам юқори даражада давом этади.
Ҳурмат билан вазир Нозим Ҳусанов