Ўзбекистон Президенти Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона водийси вилоятларида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди
ТОШКЕНТ, 5 декабрь. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона водийси вилоятларида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига таяниб.
Қорақалпоғистоннинг агросаноатдаги улкан салоҳиятини юзага чиқариш учун, аввало, сув керак. Ҳудудда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш мақсадида 2015 йилдан бошлаб Жаҳон банки иштирокида 260 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилди. 650 километр канал ва 556 та сув иншооти тикланиб, 5 минг гектардан зиёд ер лазер билан текисланди.
Иш самарали ташкил этилгани ва кўп нарсалар маҳаллийлаштирилгани натижасида лойиҳа қийматидан 48 миллион доллар иқтисод қилинган. Шу боис лойиҳани давом эттириб, қолган маблағни Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларига йўналтириш таклиф этилмоқда. Бунинг эвазига яна 216 километр канал ва 406 та гидротехник иншоотни тиклаш мумкин. Натижада ҳозир насос билан суғорилаётган 300 дан ортиқ фермер хўжаликлари даласига сув ўз оқими билан келади, йилига 300 миллион куб сув иқтисод қилинади.
Давлатимиз раҳбари бу таклифни маъқуллаб, сув таъминоти яхшиланадиган ерларда юқори даромадли экинлар экиш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тупроғи унумдор. Лекин 235 та насос станцияси эскиргани сабабли 380 минг гектар майдонда сув таъминоти оғирлашган, шундан 60 минг гектари оборотдан чиқиб кетган. Қолаверса, бу насос станцияларида электр энергияси меъёрга нисбатан 1,5-2 баравар кўп сарфланмоқда.
Шу боис Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда бу вилоятлардаги насос станцияларини модернизация қилиш режалаштирилган. Биринчи босқичда 118 та насос станциясини янгилаш мўлжалланган.
Бунинг натижасида 30 минг гектар майдон қайта фойдаланишга киритилади, 57 минг гектар суғориладиган ернинг сув таъминоти яхшиланади. 4 минг 375 та томорқа сув билан таъминланади. Йилига 290 миллион киловатт-соат электр энергияси иқтисод қилинади.
Энергия ва эксплуатация харажатлари қисқариши ҳисобига бу лойиҳа 7 йилда ўзини оқлайди.
Президентимиз лойиҳа доирасидаги ишларга маҳаллий тадбиркорларни кўпроқ жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.