Ўзбекистон Президенти Фарғонада бўлди
ТОШКЕНТ, 29 сентябрь. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев кеча корхоналар фаолияти, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар ҳаёти ва аҳоли билан мулоқот қилиш учун кеча Фарғона вилоятига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Янги Ўзбекистон» газетасининг ёзишича, давлатимиз раҳбари дастлаб Фарғона вилоятининг Бағдод туманига келди.
Туманда 218 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Узоқ вақт қурилишга эътибор бўлмагани туфайли одамларнинг уй-жойга эҳтиёжи юқори эди. Шу боис охирги йилларда бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, туманнинг «Гулистон» маҳалласида ўтган йили 7 та кўп қаватли уй қурилган эди. Бу йил 61 та шундай турар жой барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Маҳаллада инсонлар учун керакли ҳамма ижтимоий объектлар қулай жойлашган. Фуқаролар йиғини биноси, ёшлар учун коворкинг маркази, савдо ва маиший хизмат мажмуаси ёнма-ён. 420 ўринли мактаб, 150 ўринли боғча, оилавий поликлиника, маданият уйи, спорт мажмуаси барпо этилган. Кўп қаватли уйлар олдида болалар майдончалари ташкил қилинган.
Ҳудуд замонавий инфратузилма билан таъминланган. Ички йўллар асфальтланиб, атроф ободонлаштирилмоқда.
Гулистонликлар тадбиркорлик, паррандачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Маҳалла яқинидаги кичик саноат зонаси, юз гектардан зиёд иссиқхоналар бунинг учун қулай шароит яратган. Уйма-уй юриб, муаммолар ўрганилиши натижасида 205 нафар ишсиз фуқаро кичик саноат зонасига, юзлаб ёшлар иссиқхона мажмуасига ишга жойлаштирилган.
Президент шу ерда маҳалла фаоллари, бағдодлик нуронийлар билан суҳбатлашди.
– Ҳудудларимиз шундай ривожланаётгани, одамлар уйли, ишли бўлаётганини кўриш менга хурсандчилик бағишлайди. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас, деган гап бор халқимизда. Ўзим ҳам кўп йиллар мусофирчиликда яшаб, ишлаб, уйсизлик азобини ҳис қилганман. Ҳозир ҳам одамларнинг муаммосини юрагимдан ўтказиб, уларга ечим топиш учун ўзимни қийнайман. Шунинг учун ҳамма жойда уйлар қураяпмиз, мамлакатимиздаги ҳар бир оила уйли-жойли бўлсин, деб ҳаракат қилаяпмиз. Фуқаролар манфаати – менинг манфаатим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари маҳалладаги янги уйлардан бирига кўчиб келган Абдуқаҳҳор ота ва Ойзода ая хонадонида бўлди. Улар тўрт фарзандни тарбиялаб, вояга етказган.
Кўпни кўрган бу инсонлар билан ёшлар тарбияси, бугунги таълим ва тадбиркорлик имкониятлари, тинчлик ва шукроналикнинг аҳамияти ҳақида самимий суҳбат бўлди.
Ушбу маҳалла намунаси асосида Ёзёвон, Олтиариқ ва Фарғона туманларида ҳам 4-5 минг хонадонли «йўлдош» шаҳарчалар бунёд этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Бағдод туманида Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Бағдод тумани «Гулистон» маҳалласида бунёд этилган Маданият марказида санъат намояндалари билан суҳбатлашди.
- Иқтисодиёт билан бирга маданиятни ривожлантиришга ҳам ҳаракат қилаяпмиз. Фарғона азалдан санъаткорлар ватани бўлиб келган. Қўқон театри таъмирланиб, замонавий шароитлар яратилгани, улуғ адиб ва санъаткорлар хотирасига бағишлаб музей ва мактаблар ташкил этилгани хайрли бўлди. Бугун сайловчилар билан учрашувда Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Ашурали Зоҳирий, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номини абадийлаштириш, Санъаткорлар хиёбонини барпо этиш, умуман, вилоятда маданиятни ривожлантириш бўйича кўплаб фикрлар билдирдим. Агар сизлар қўллаб-қувватлаб, ўз ҳиссангизни қўшсангиз, бу санъат ривожига, ёшлар тарбиясига хизмат қилади, деб ўйлайман, – деди давлатимиз раҳбари.
Қўқон театрида адабий муҳитни яхшилаш, пойтахтдан истеъдодли режиссёрларни жалб қилиб, асарлар савиясини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Фарғона дорбозлик ва аскиячилик анъаналарини давом эттириш учун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида алоҳида бўлим ташкил этиш таклифи билдирилди.
Президент шу маҳалладаги иссиқхонани ҳам бориб кўрди. Бу ерда “ёшлар дафтари”га кирган 500 нафар йигит-қиз иш билан таъминланган.
Давлатимиз раҳбари уларнинг деҳқончилиги, даромади, режалари билан қизиқди.
Ёшлар иссиқхонада, асосан, лимончилик билан шуғулланаётгани, қатор ораларига бодринг, помидор, қалампир, сабзавотлар экиб, даромад олаётгани, бунинг самарасида оиласи «ёшлар дафтари»дан чиққани ҳақида сўзлаб берди.
Ёш тадбиркор З.Мамажонова оиласига маҳалла ҳудудида қурилган уйлардан бепул хонадон ажратилгани, иссиқхонадан олаётган даромади орқали келгусида ёшларни тадбиркорликка ўргатиш ниятида эканини айтиб, Президентга миннатдорлик билдирди.
– Ерга муносабат ўзгаряпти, ҳаракат қилсак, натижа бўлади. Бу сизларга кичик бўлса ҳам, бир имконият. Ҳали яна иссиқхоналар қурилади, кўплаб корхоналар ташкил этаяпмиз, уларга сизларга ўхшаган меҳнаткаш, билимли ёшлар керак. Ҳеч қачон изланишдан, ўрганишдан тўхтаманглар. Ёшларнинг билим олиши учун Фарғонада қўшимча имкониятлар яратамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Қўштепа туманига бориб, ғўзани томчилатиб суғориш технологиясини кўздан кечирди.
Марказий Фарғона ерларида деҳқончилик қилиш – машаққат. Айниқса, Қўштепа туманининг қарийб 70 фоиз ҳудуди унумдорлиги паст ерлар. Шу сабабли қишлоқ хўжалигида кўзланган натижаларга эришилмас эди.
Давлатимиз раҳбари 2019 йилда Фарғона вилоятига ташрифи чоғида бундай майдонларда томчилатиб суғоришни жорий этиш бўйича кўрсатма берган эди.
Бугунги кунда «Fergana Global textile» пахта-тўқимачилик кластери томонидан Исроилнинг «Netafim» компанияси билан ҳамкорликда шундай лойиҳа амалга оширилмоқда.
Биринчи босқичда 215 гектар ерда томчилатиб суғориш жорий этилди. Бунинг учун 17 минг куб метр сиғимга эга сунъий ҳовуз қурилиб, 3 та тик қудуқ қазилди. 520 минг долларлик замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Мазкур технология ёрдамида бир вақтнинг ўзида 60 гектар пахта майдонини суғориш мумкин.
Самарадорлик яхши бўлмоқда. Масалан, сув, ўғит ва ёқилғи сарфи икки баравар, механизация жараёни тўққиз мартага камайган. Бу тизимни самарали ишлатиш учун 10 нафар ёш агроном ўқитилган.
Президентимиз томчилатиб суғориш жараёнини кўздан кечириб, мутахассислар билан мулоқот қилди.
– Бу ҳудуднинг тупроғи қумлоқ, сув доим танқис. Лекин авваллари бу ерда ҳам бошқа жойлар билан бир хил иш услуби бўлган. Шунинг учун туманда қишлоқ хўжалиги рентабел эмасди. Масалан, пахтадан 10-12 центнер ҳосил олинар эди. Мана, бу йил 45 центнер бўлиши кутилаяпти экан. Булар – илм билан ёндашиш самараси. Қилса бўлар экан-ку, – деди Президент.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида 1 минг 200 гектар майдонда томчилатиб суғоришни жорий этиш белгиланган. Мутахассислар фикрича, ушбу технология икки мавсумда харажатларини тўлиқ қоплайди.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари Қўштепа туманидаги «Намуна» маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.
Халқимизнинг миллий деҳқончилик маданияти, қадриятларидан бири – узумчилик. Айниқса, Фарғона водийсида деярли ҳар бир кўчада, хонадонда ток бор.
Намуна маҳалласида ҳам шундай. Аксарият оилаларнинг асосий даромади узумчиликдан. Шунингдек, намуналиклар мебелсозлик, дўппидўзлик, чеварлик, чорвачилик, асаларичилик ва қуён боқиш билан шуғулланади. Маҳаллада уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Шавкат Мирзиёев шу ерлик Жумабой Исмоилов хонадонида меҳмон бўлди.
Оила бошлиғи - уста деҳқон. Турмуш ўртоғи Фотима ая - тикувчи. Улар катта фарзандларни уй-жойли қилгани, ўз уйида ишлаб, қўшимча даромад топаётгани ҳақида сўзлади. 15 сотих томорқада 100 туп узум ва бошқа мевали дарахтлар экилган. Ўтган йили биргина узумнинг ўзидан 21 миллион сўм даромад олинган.
Президент келгусида маҳалла тизимига янада кенг имкониятлар берилиши, бу жойлардаги муаммоларни манзилли ҳал этиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда муҳим омил бўлишини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифини якунлаб, Андижонга жўнаб кетди.